Logo

Йованка Порше: Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи маслаҳат учрашуви минтақа тараққиётида муҳим босқич бўлди

Ноябрь 22, 2025. 10:54 • 2 дақ

281
Йованка Порше: Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи маслаҳат учрашуви минтақа тараққиётида муҳим босқич бўлди

ВЕНА, 21 ноябрь. /"Дунё" АА/. Австриянинг "Global Neighbours" компанияси раҳбари Йованка Порше "Дунё" АА учун интервьюсида Тошкент шаҳри мезбонлик қилган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашувлари ҳақида фикр билдирди:

– Тошкентда бўлиб ўтган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашуви минтақа тараққиётида муҳим босқич бўлди. Мулоқот сифатида бошланган учрашувлар тезда стратегик ҳамкорликка айланди. Муҳокамалардан аниқ ҳаракатларга ўтилди. Илгари тортишув ва ишончсизлик мавжуд бўлган жойда, бугунги кунда конструктив ҳамкорлик биринчи ўринга чиқмоқда.

"Янги Марказий Осиё" – бу умумий манфаатларга асосланган, ҳаракатчан минтақани ўзида мужассам этган жозибадор ғоядир. Ва бу ҳудуд тобора кенгайиб бормоқда. Хусусан, Тошкентдаги учрашувда Озарбайжоннинг ҳам минтақавий форматга қўшилиши муҳим аҳамият касб этди. Бу Вашингтонда АҚШ президенти Дональд Трамп ва Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари кўтарган ташаббус ва лойиҳалар мазмунига мос келди.

Келажакка назар ташлар эканман, Марказий Осиё Хитой, Ҳиндистон ва бошқа мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликнинг ажойиб истиқболларини кўраяпман. Албатта, Ғарб йўналишида ҳам улкан салоҳият мавжуд, чунки Европа институтлари ва компаниялари инвестиция киритишга интилмоқда.

Минтақада мустаҳкамланиб бораётган ҳамкорлик аллақачон геосиёсатга ижобий таъсир кўрсатмоқда. Тошкент учрашувида давлат раҳбарларининг БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 2027–2028 йилларга мўлжалланган муваққат аъзолигига Қирғизистон Республикаси номзодини қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги қўшма баёнотига гувоҳ бўлдик. Минтақанинг бундай бирдамликда ҳаракат қилиши эътирофга лойиқ. Ушбу номзод, шубҳасиз, минтақанинг халқаро нуфузини янада мустаҳкамлайди.

Биз "Global Neighbours" дастурлари доирасида ушбу стратегик ҳамкорлик алоқаларини диққат билан кузатмоқдамиз. Қолаверса, минтақа фаровонлиги ва тараққиётига салмоқли ҳисса қўшиш ниятидамиз. Биз доимо мулоқот учун очиқмиз.

Бинобарин, бизнинг янги "Келажакка йўл" лойиҳамиз минтақа мамлакатлари бўйлаб поездда ҳаракатланадиган халқаро иқтисодий форумдир. Поездимиз Ғарбий Европадан йўлга чиқиб, жадал ривожланаётган Марказий Осиё бозорига сармоя киритишга тайёр бўлган мамлакатлар орқали ўтади. Йўл-йўлакай сиёсатчилар, тадбиркорлар ва бошқа нуфузли шахслар билан фикр алмашиш имкони пайдо бўлади.

Сўзим якунида Тошкентдаги маслахат учрашуви "Янги Марказий Осиё"ни барпо этишда муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидламоқчиман. Биз кўрган очиқ мулоқот ва манфаатлар уйғунлиги ҳақиқатан ҳам ажойиб. Бу Марказий Осиё учун янги даврнинг дебочаси бўлиши, шубҳасиз.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш